Добавил ADMIN, 21.04.18 Просмотров:67
Арсен Венгер даври тугади  
  • Бунга ишониш қийин, лекин замонавий футболнинг энг катта дарғаларидан бири ўз постини ташлаб кетмоқда. Арсен Венгер «Арсенал»ни 1996 йилнинг сентябридан буён бошқариб келди, ўша кузда туғилган болалар бу кузда 22 ёшга чиқади, уларнинг қанчалари «Арсенал» номи Арсен Венгер шарафига қўйилган деб ўйлаб катта бўлишди, 2018 йилнинг 20 апрелида эса клуб сайтида «Merci Arsène» ёзувли хабарнома эълон қилинди.

    «Диққат билан ўйлаб кўриб, клубдагилар билан муҳокамалардан кейин ҳис қилдимки, кетиш вақти келган.

    Мен бу йилларни, бу унутилмас йилларни ҳадя этгани учун клубдан миннатдорман. Мен клубда тўла масъулият билан, ҳалол ишладим.
    Мен клубнинг барча вакилларига, футболчилар, оддий ходимлар-у раҳбарлар ва албатта мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Улар клубни шундай даражага олиб чиқишди.

    Мен барча мухлисларни жамоа билан қолишга чақираман, улар биргаликда юқори чўққиларни забт этишади.

    «Арсенал» мухлисларидан клуб қадриятларини сақлашни сўрайман. Муҳаббат ва абадий дўстлик билан Арсен Венгер».


     
    Бунга ишониш қийин. Худди Арсен ҳамиша Лондонда бўладигандек эди. «Арсенал» ўйинларида ҳамиша у майдон четида кибор билан тураверадигандек эди.

    Арсен Венгерни профессор деб аташган. Бу лақабини у шахматни жуда зўр ўйнагани учун олган эмас. Уни Страсбург университетининг иқтисодиёт бўйича магистр бўлгани учун профессор деб алқашмаган. Шунинг учунки, у Англия футболини ўзгартирди. Жаҳон футболида инқилоб қилди. Узун паслар ва диагонал узатмалар - унинг фалсафасига ёт эди. 


    Ўтган асрнинг 90-йилларида Англияда ҳамма қанотлардан жарима майдончасига тўп узатиш орқали классик инглиз футболини ўйнарди. Бош билан яхши ўйновчи марказий ҳужумчилар урф бўлган, асосий эътибор яккакурашларга қаратилганди. Венгер лигага янги нафас олиб кирди. У техник футбол, қисқа масофаларда тўп узатиш орқали олдинга ҳаракатланиш билан йўғрилган янгича услубни Англия футболига сингдирди. Бу футболни чиройли ўйнаш эди. У эски анъаналарни йўққа чиқарди ва ўз услубини Англия футболи қадриятига айлантирди. Мана энди Англиядаги жамоаларнинг ярмидан кўпи паслар билан ўйнашни ўрганиб олди. Замонавий футбол даҳоси Хосеп Гвардиола эса кўп нарсани Венгердан ўрганганини тан олган.


     

    У Англия премьер-лигасида зафар қучган британиялик бўлмаган илк мутахассис бўлди. У «Unbeaten Team» («Енгилмас жамоа») тузган инсондир, у жаҳонга Тьерри Анри, Деннис Бергкамп, Робер Пирес, Патрик Виера каби футболчиларни олиб чиқди.

     

    Венгернинг полапонлари энди улғайган. Улардан бири тез орада узтозидан эстафетани қабул қилиб олиши ҳам мумкин - Виера унинг ўрнини эгаллаши мумкинлиги ҳақида гаплар юрибди. Жованни ван Бронхост, Анри, Бергкамп каби мураббийларнинг янги авлоди вакиллари етишиб чиқмоқда.

     

    У ўтган вақт давомида клуб билан жами 17 соврин ютди, шундан 3таси Англия чемпионлиги (1998, 2002, 2004), 7та Англия Кубоги ва 7та Англия Суперкубоги. У Англия премьер-лигасида ўйин ўтказиш бўйича рекорд ўрнатди - у жамоасини АПЛнинг 823 ўйинида майдонга бошлаб тушди. У бу борада «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ устози Алекс Фергюсонни (810) ортда қолдирган.

    22 йиллик фаолияти давомида у «Арсенал» билан барча мусобақалар доирасида жами 1228 ўйин ўтказди, шундан 704тасида ғалаба қозонилди.


    Машҳур журналистлардан бири шундай
     деганди: «Барча футбол ўйнайди, Венгер эса фақат кузатади». Арсен ҳамиша айбдорларни топарди, бу фақат унинг футболчилари бўлмасди. У ўз болаларини ҳар қандай кучдан ҳимоя қиларди. Айнан шунинг учун кўплар уни севган. Ва сотган. Кейин Самир Насри каби афсус билан узр сўраган. Бошқа кўплар ҳам.


     

    Уни клубида қадрлашди, трибунада ҳуштакбозлик қилишди. Трибуналарда «Wenger Out» ёзувли плакатлар «In Wenger we trust»дан кўпроқ бўлди. Унга ишонишмасди. Ахир унга бошидан ишонишмаганди. У Япониядан келганида ҳам ҳамма шундай дерди: «Arsene Who?». У шу ишончсизлик билан 22 йил чидади ва сэр Алексни ортда қолдирди.

     
    Лекин бу эра энди тугади. Энди ёзда ҳам, кузда ҳам, қишда ҳам, баҳорда ҳам Венгерни «Арсенал»да кўрмаймиз.
    Раҳмат, месье Арсен. Кечир месье Арсен.

    Manba Kun.uz

    шаблоны для dle 11.2
    Скачать "Арсен Венгер даври тугади"

Похожее на Арсен Венгер даври тугади:
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.
Наверх